Запросить цены
Новости

Better Work Ўзбекистонда: Биргаликда янги марралар сари

08.02.2024

Ўзбекистонда Better Work халқаро дастури жорий этилмоқда, у пахта, тўқимачилик, тикув-трикотаж тармоқларида бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратишга мўлжалланган. Бу дастурдан умидимиз катта, чунки у пахта билан боғлиқ саноат соҳаларида иш юритадиган кўпгина мамлакатларга ўз иқтисодий кўрсаткичларини янада яхшилашга имкон берди. Better Work ташаббусининг халқаро миқёсдаги ижобий тажрибаси ва натижадорлигини инобатга олиб, уни Ўзбекистонда ҳам амалга оширишга қарор қилинди. Бу ишларнинг барча тафсилотлари ҳақида дастур менежери жаноб Абу ЮСУФДАН билиб олдик.

 – Жаноб Абу Юсуф, Сизни қутлашдан мамнунмиз. Келишувга кўра, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро молия корпорацияси ташаббуси – Better Work дастурини амалга ошириш юзасидан Ҳукумат, иш берувчилар ва ходимлар ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу янги дастур Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари билан ишлашга қаратилган. Better Work жорий этилиши тармоққа қандай натижалар келтиради?

– Better Work дастури тармоқда турли даражаларда юз берган ўзгаришларни кўздан кечиради. Фаолиятимиз, биринчидан, бизнинг баҳолаш, ўргатувчи ва маслаҳат сессияларимиз ёрдамида фабрикалар билан бевосита ишлашга; иккинчидан, миллий меҳнат қонунчилиги ва халқаро меҳнат меъёрларига мувофиқлик доирасида корхоналарга меҳнат шароитларини яхшилаш борасида ёрдам кўрсатишга; учинчидан, бу корхоналардан маҳсулот сотиб олиб, шу орқали уларнинг харидлар ама- лиёти ва маҳсулот етказиб бериш занжирининг умумий ҳолати яхшиланишига ёрдам берадиган халқаро брендлар ва чакана сотувчилар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.

Корхоналар Better Work билан ўзаро ишлаб, халқаро харидорлар томонидан Шаффоф мувофиқлик (Transparent Compliance) мақомини тақдим этиш имкониятига эга бўлади, бу эса уларга халқаро харидорлар билан бизнес юритиш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради. Шу билан бирга тармоқ/миллий даражадаги тадқиқот ва ахборот-тарғибот ишлари алоҳида корхоналар доирасидан чиқадиган муаммолар ечимига қаратилган. Ўзбекистонда Ўзаро англашув меморандумида келишилган бандлар янада кенг ва қулай муҳитга тааллуқлидир, Better Work узоқ муддатли истиқболда муваффақиятли ишлаши учун бу муҳитни яратиш керак. Халқаро меҳнат ташкилотининг бошқа лойиҳалари ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистоннинг бутун пахта, тўқимачилик ва тикувчилик саноатини қўллаб-қувватлашдан умид қилмоқдамиз, чунки мамлакатингиз миллий меҳнат қонунчилиги ва халқаро меҳнат меъёрларига амал қилишни яхшилаши баробарида жаҳон миқёсида янада рақобатбардош бўлишидан манфаатдормиз. Ўзаро англашув меморандумида белгиланган устувор йўналишларга мувофиқ, биз дастур иштирокчилари билан бирга жамоавий музокараларни бирлаштириш ва ўтказиш эркинлиги учун қулай шароитлар яратиш устида ишлаймиз, шунингдек, Меҳнат нозирлиги департаменти ва ижтимоий ҳамкорлар салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам кўрсатамиз. Эндиликда, ўзбек пахтасига тақиқ бекор қилингандан сўнг, биз Ўзбекистондан кўпроқ жаҳон брендлари ва чакана сотувчиларни жалб этиш ҳаракатидамиз. Ишимизнинг якуний босқичида жаҳон даражасида бирлашувга эришамиз: тармоқ муаммоларини ҳал этиш, ҳам брендлар ва етказиб берувчилар, ҳам соҳа ходимлари учун узоқ муддатли барқарор ечимларни излаш мақсадида, биз маҳсулот етказиб бериш занжирининг барча иштирокчиларини бирлаштириш учун ўз воситаларимиздан фойдаланамиз.

Ўзбекистонни Better Work рўйхатининг 13-мамлакатига киритган дастур ўз тажрибасига, шунингдек, ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилашга, хусусан, аёллар учун кўплаб иш ўринларини ташкил этишга, биз ишлайдиган мамлакатларда экспорт ҳажмларини оширишга ҳисса қўшган тўқимачилик ва тикув маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган асосий мамлакатлар ютуқларига таянади.

– Маълумки, кийим-кечак ва тўқимачилик маҳсулотлари нархларини яратиш занжирида дастур бевосита фабрикалар билан ишламоқда, халқаро харидорлар билан мувофиқлик маданияти, ижтимоий мулоқот, бошқарув ва алоқа тизимларини яратиш мақсадида Better Work услубиятларини қўлламоқда. Better Work дастури иштирокчилари учун асосий мезонлар қандай?

– Better Work дастури Ўзбекистоннинг исталган ҳудудидаги нарх яратиш занжиридан манфаатдор компаниялар билан иш юритиш учун очиқдир. Аммо дастурни амалга оширишнинг бошланғич босқичида иштирокчилар сони тахминан 15-20 компания билан чекланган. Рўйхатдан ўтиш истагида бўлган корхоналар учун ижтимоий мувофиқлик концепцияларини қўллаш учун ўқишга ва биз билан ҳамкорлик қилишга шайликдан ўзга аниқ мезонлар йўқ. Биз техник мазмун ва ёндашувни маҳаллий шароитларга мослаштиришга, мамлакатнинг менталитети ва маданий жиҳатларини инобатга олишга, миллий корхоналар раҳбарияти ва ходимлари, меҳнат бозорини тартибга соладиган учинчи тарафлар (ҳукумат) билан ишлашга интиламиз.

– Better Work стандартларини жорий этган Бангладеш компания ва корхоналари фаолияти билан танишиш мақсадида Baht Teks, BCT, Navbakhor Textile, ABC Oqqo‘rg‘ on, Jizzah Toshtepa Tekstil каби миллий корхоналар вакилларидан иборат ўзбек делегациясининг шу мамлакатга Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда уюштирилган ташрифи дастурни амалга оширишда қўйилган илк қадам бўлди. Better Work яна қайси мамлакатларда муваффақиятли ишламоқда?

– Better Work Бангладеш, Камбоджа, Миср, Эфиопия, Гаити, Индонезия, Иордания, Мадагаскар, Никарагуа, Покистон, Шри-Ланка ва Вьетнамда амалга оширилмоқда, ўз ишини эса 20 йилдан кўпроқ вақт муқаддам Камбоджада бошлаган. Бу вақт ичида Камбоджа тикувчилик саноатининг экспорти тахминан 1 млрд. доллардан 8 млрд. доллардан кўпроққа ошди.

Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро молия корпорациясининг уч тарафлама ҳамкорларидан расмий сўров 2022 йилда дастурнинг техник-иқтисодий асосланишини ўтказишга туртки берди. Кейинроқ музокаралар ўтказилиб, Ўзбекистонда Better Work дастурини амалга оширишни бошлаш учун зарур шарт сифатида Ўзаро англашув меморандуми мувофиқлаштирилди. Дастурни Европа тикланиш ва тараққиёт банки, шунингдек, Германия, Швейцария, АҚШ ва Европа Иттифоқи томо- нидан қўллаб-қувватланадиган ҳамда Жаҳон банки томонидан бошқариладиган Кўп тарафлама донорлик траст жамғармаси (MDTF) молиялаштирмоқда.

2023 йил июль ҳолатига кўра, Better Work дастури доирасида Тошкентда кичик жамоа тузилган, у тез орада ишга киришади.

– Better Work дастурини амалга ошириш орқали бутун тикув-трикотаж тармоғи рақобатбардошлигини юксалтириш, жаҳоннинг машҳур брендлари ва йирик савдо тармоқлари вакилларини жалб этиш кўзда тутилган. Better Work брендлар ва ритейлерлар билан қай тарзда ҳамкорлик қилади, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун бу нимани англатади?

– Фикримизча, барча иштирокчилар, шу жумладан, жаҳон брендлари ва чакана сотувчилар (ва уларнинг воситачилари) билан ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш – дунё маҳсулот етказиб бериш занжирида тизимли ўзгаришларга эришишнинг ягона йўлидир. Ўз етказиб берувчиларидан маҳсулот оладиган халқаро брендлар ва чакана сотувчилар ишлаб чиқарувчиларга ижобий ўзгаришларга эришишга ёрдам бериб, Better Work дастурининг муваффақиятига катта ҳисса қўшмоқда. Ўз томонидан эса Better Work уларга ижтимоий меъёрларга риоя қилиш нуқтаи назаридан кенг ва узоқ мудли ўзгаришларга эътибор берган ҳолда маҳсулот етказиб бериш занжири шароитларини яхшилаш учун универсал воситаларни тақдим этиши мумкин.

Better Work маҳсулот етказиб берувчиларга миллий меҳнат қонунчилиги ва халқаро меҳнат меъёрла- рини тушуниш ва қўллашга ёрдам бериб, яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Биз Ўзбекистон ижтимоий мувофиқликнинг янги маданиятини яратишида ёрдам кўрсатмоқдамиз, бу маданият ўз навбатида янги харидорлар ишончини қозонишга имкон беради. Ишончимиз комилки, меҳнат шароитларини яхшилаш бизнес учун фойдалидир, шу боисдан ҳам ўзбекистонлик етказиб берувчилар жаҳон брендлари талабларига мос келиши учун ўз тажрибамиз ва воситаларимизни таклиф этамиз. Қарийб 200 халқаро бренд Better Work билан ҳамкорлик қилмоқда, уларнинг тахминан 50 таси ўз маҳсулот етказиб бериш занжирида муваффақиятли одимлаш учун биз билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битимлар имзолаган.

– Суҳбатингиз учун ташаккур. Better Work дастури доирасида мамлакатимиз билан ҳамкорлик самарали ва муваффақиятли бўлади, деб чин дилдан умид қиламиз.

uzts.uz веб-сайтидаги маълумотларни кўпайтириш, нусхалаш, тиражлаш, тарқатиш ва бошқа тарзда фойдаланиш фақат уюшма веб-сайтига ҳавола орқали амалга оширилиши мумкин

1
img

Фотогалерея

img

Другие новости